Маълумки, урушнинг дастлабки ойларидаёқ Ойбек “Маҳмуд Торобий” драматик достонини ёзган, шу асар асосидаги либретто нисбатан тез фурсатда саҳналаштирилган эди. Шунга қарамай, Ойбек бу мавзуга яна қайтади: Ҳамза театри учун “Ғалвирчи” номли пьесани, рус адиби А.Дейч билан ҳамкорликда “Ҳит народа” пьесасини ёза бошлаган. Адабий давраларда адиб Торобий мавзусида йирикроқ асар, эҳтимолки, роман ёзишни ният қилган, деган гаплар ҳам эшитилиб туради. Сираси, бу фикрда жон борга ўхшайди. Негаки, тугалланмай қолган ҳар икки пьеса, уларнинг турли режалари, сценарийлари кузатилса, мавзунинг бадиий талқинида эпик кўламнинг тобора кенгайиб борганига амин бўламиз. Қўлёзмаларга бир қур қиёсий назар солинсаёқ, мавзу талқинида ижодкорнинг тинимсиз изланишда эканлиги кўринади: асарга янги сюжет мотивлари, драматик ҳолатлар, персонажлар қўшиб борилади; айрим нуқталар бўрттирилса, бошқалари бирмунча сусайтирилади. Яъни, материал билан жонли мулоқот давом этади: гўё Ойбек ҳамон тасвир объекти моҳиятига чуқурлашиб бораётгандек, материал ижодкорга, ижодкор материалга сингиб бораётгандек туюлади. Хўш, Торобий мавзуси нимаси билан Ойбекни бунчалар мафтун этди? Нима учун адиб бу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилади? Муддао етакчи театримиз учун асарнинг насрий вариантини ёзишгина эдими?..