ХХ аср охири Ўзбекистон учун туб ўзгаришлар, янгиланишлар ва тикланишлар асри бўлди. Ижтимоий тузум ўзгарди, у билан бирга давр ҳам ўзгарди. Давр ўзгариши эса ўз-ўзидан барча соҳалар, хусусан, маънавий соҳаларда қатъий эврилишлар, туб бурилишларни тақозо этди. Бу табиий жараён. Жамиятнинг барча қатламларида нутқ маданиятининг савияси пасайиб кетаётган, анъанавий адабий тил меъёрлари бузилаётган, оғзаки ва ёзма нутқнинг стилистик хусусиятлари ўзгариб кетаётган бир пайтда жамият аъзоларининг нутқ маданияти даражасини ошириш зарурати юзага келди.