Мустақиллик шарофати туфайли жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, илм-фан, таълим, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва уларни давлат аттестациясидан ўтказиш соҳаларида туб сифатий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда бу ўзгаришлар олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва уларни давлат аттестациясидан ўтказиш ҳамда таълим жараёнининг мазмун-мундарижасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Жумладан, ижтимоий фанлар бўйича тузилган дастурларнинг мазмуни воқеликка турлича ёндашув ва қарашларни бир-бирига қарама-қарши қўйишдан холи этилиб, масала ва муаммолар илмий, холис ва тизимли ёритила бошлаганини қайд этиш лозим.
Ижтимоий фанлар барча даврларда замон билан ҳамнафас бўлиб келган, вақт долзарб муаммо сифатида кун тартибига қўйган масалаларни ўзининг предмети ва вазифаларидан келиб чиқиб, ҳал қилган.
Мамлакатимиз ижтимоий йўналтирилган барқарор бозор иқтисодиёти, кучли демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга асосланган ўзига хос тараққиёт йўлидан дадил одимлаб бормоқда. Бу йўлда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тараққиётнинг ўзбек модели жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.