Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” мақоласида ўзбек адабиётининг бугунги куни ва эртанги истиқболи ҳақида сўз юритиб, жумладан, жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини таржима қилиш, чоп этиш, ўрганиш билан боғлиқ тажрибалар, чет эл ёзувчилари билан алоқаларни янада ривожлантириш масаласига эътиборни кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Юртбошимиз қайд этганидек, “Ҳолбуки, биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак”.1
Ёш авлодни тарбиялаш, уни баркамол инсон қилиб етиштириш барча асрларда ва барча адиблар ижодида мавжуд бўлган барҳаёт мавзулардан биридир. Бунга, жумладан, XIX аср охири - XX аср бошларида Туркистон ўлкасида кенг қулоч ёйган миллий уйғониш ҳаракати ва адабиёти мисолида гувоҳ бўламиз. Жадидлар нафақат янги мактаблар, кутубхоналар, театрлар очганлар, балки маданиятли ва маърифатли баркамол инсон ҳақидаги қарашлари ва ғояларини ўзлари яратган публицистик ҳамда бадиий асарларда ифодалаганлар, жаҳон адабиёти, шу жумладан, француз адабиётининг маънавият, маърифат масалалари кўтарилган асарларини она тилимизга таржима қилганлар. Бироқ қатор адабиётшунос олимларимиз миллий уйғониш даври ўзбек (жадид) адабиёти билан фақатгина XVIII аср Европа маърифатчилари ижодидаги муштаракликларни кўришади.2