Мавзунинг долзарблиги. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иктисодий ва маънавий-мафкуравий ҳаётида янгиланишларга кенг йўл очди. Чунончи, бой маънавий меросимизни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Миллий маданиятимиз ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз - Имом Бухорий, Имом Термизий, Баховуддин Нақшбандий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ал-Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларимизнинг ҳаёти, илмий-фалсафий ижодини ўрганишга янгича ёндашилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир” . Бу эса, нафақат ўтмиш авлодларимиз яратган бой маънавий ижод намуналарини, балки жаҳон халқлари фалсафий мероси намоёндаларининг фалсафий қарашлари ва таълимотларини илмий асосда ўрганишни талаб қилади.