Мавзунинг долзарблиги. Инсон организми ошқозон ичак трактида яшовчи микрофлора билан доимо жуда яқин узвий алоқада бўлади. Инсон организмининг соғлиғи ва унинг кўпчилик касалликларга резистентлиги ичак микрофлорасининг хусусиятларига ва унинг фаоллигига боғлиқдир (Минуткин О.Н., Ардатская М.Д., 1999). Ичак микрофлораси инсоннинг ҳаёт фаолиятидаги жуда кўплаб муҳим ҳаётий жараёнларда қатнашади, шунинг учун ичак микрофлорасига ҳозирги кунда организмнинг алоҳида, кўплаб микрорганизмлар турини ўзида сақловчи, экстракорпорал аъзо сифатида қаралмоқда. Ичак микрофлорасининг вазифалари охирги йилларда мунтазам ўрганилмоқда (Воробьев А.А., Позняк А.Л.,1997.).
Янги туғилган чақалоқларда ичак микробиоценозининг меъёрий ривожланиши кейинчалик одам ичак микрофлорасининг функционал тўлиқ шаклланишида асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун болаларда меъёрий микрофлоранинг шаклланиши, унга бола туғилгандан кейинги таъсир этувчи турли (биологик, физик, химик, ижтимоий, гигиеник) омиллар билан бир қаторда, ҳомиладор аёлнинг туғиш давригача бўлган генитал ва экстрагенитал аъзолари микрофлорасига ва улардаги патологик жараёнларга хам боғлиқ бўлади (Скворцова В.А., Боровик Т.Э., 2001). Организмнинг саломатлик ҳолати, резистентлиги ва организмда учрайдиган кўпчилик касалликлар ичак микрофлорасини ҳолатига ва уларнинг ўзгаришига боғлиқ (Махкамова Д.Э., Даминов Т.А. 1998). Ичак микрофлорасининг ўзгариши ташқи-экзоген, ички-эндоген омиллар таъсирида ва организмнинг турли патологик жараёнларида, кучли ҳаяжонланишларда (стресс) кузатилади. Айниқса, ичак микрофлорасига физик (турли нурлар), кимёвий (кимёвий моддалар, антибиотиклар), биологик (касаллик келтириб чиқарувчи патоген бактерия, вирус, замбуруғлар, содда жониворлар) омиллар салбий таъсир кўрсатади (Бондоренко В.М., Боев Б.В., 1998).