Ҳар бир ўқитувчининг маънавий – сиёсий қарашлари, унга қўйилган талаблар умуман ўқитувчига хос хусусиятлар деярли бир хилдир. Аммо ҳар бир халқнинг ўзини миллий урф – одатлари, тарбия усуллари, маънавий сифатлари мавжуд. Шунинг учун ҳам миллий мактаб ўқитувчиси ҳақида фикр юритилади.
Миллий мактаб ўқитувчисининг асосий сифатлари, уни миллий урф – одатларга, миллий бойликларга ва миллий тарбиявий таъсир усулларига содиқлиги билан белгиланади. Шунингдек, унинг Ватанга муҳаббат, мустақиллик ишига садоқат, жамоа ҳаётига муносабат, инсонпарварлик, ростгўйлик, ўз – ўзини тута билиш, қардошларча бирдамлик, ноҳақликка нисбатан муросасизлик, дўстлик ва ўртоқлик каби сифатлар ҳам ўқитувчига хос хусусиятдир.
Ўқитувчи шахси хусусиятларининг муҳим томони унинг маънавий – сиёсий эътиқоди ва дунёқарашидир.
Ўқитувчи илғор педагогик билимларга эга бўлиши, дунёқараши кенг ва бой бўлиши, бутун фаолиятда ахлоқ тамойилларига амал қилиши лозим. Ўқитувчининг бутун педагогик фаолияти, ҳатти – ҳаракати ана шу эътиқоди, ахлоқ тамойиллари асосида содир бўлади. Ўқитувчининг дунёқараши унинг педагогик – психологик билимларни амалиётга тадбиқ этишига мустаҳкам асос бўлади.