Меҳнат соҳасидаги муносабатлар жамият иқтисодий муносабатлар тизимининг асосий пойдевори саналади. Бу эса, энг аввало, меҳнатнинг нафақат алоҳида олинган инсон ҳаёти, балки бутун кишилик жамиятининг ҳаётидаги роли билан белгиланади. Иқтисодиёт фанини деярли барча йўналишларининг намоёндалари меҳнатни ўрганишда уни жамиятнинг моддий ва маънавий бойликларини манбаи, инсоннинг асосий шахсий хусусиятларини шакллантириш ва номоён этишга ёрдам берадиган фаолият сифатида қараганлар. Жамият ва инсон учун меҳнатнинг роли ва аҳамияти умум тан олинган ва ҳеч қандай шубҳа ва келишмовчиликларга сабаб бўлмасада, инсонни меҳнат фаолиятига қўшилиши воситалари, уни меҳнатга жалб этиш усуллари масаласи бахс-мунозара предмети бўлиб қолмоқда.