Андижонлик ижодкор Қобил Мирзо яхши шоир-ғазалнавис. Унинг аруздай мураккаб турдаги ижод намуналари бир неча китоб бўлиб чоп этилди ва улар китобхонлар томонидан эътирофга сазовор бўлди. Сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларига 40 мухаммас боғлади ва бу борада ҳам улоқни олиб кетди. Кейин у драматургияда қаламини синаб кўрди. Кейинги йилларда йирик асар - романга қўл урди ва мазкур асар дунёга келди. Аввало, мени асарнинг сарлавҳаси ўзига тортди, кейин қўлёзманинг дастлабки саҳифаларини ўқир эканман, муал-лифнинг асар сюжети, композициясини режалаштиришда муваффақиятли усул қўллаганлиги диққатимни тортди. Туғилмаган одам ва у туғилгач, ҳаётий оламда, замин юзида кўражак, гувоҳ бўлажак бир-биридан ғаройиб, бир-биридан аянчли воқеа-ҳодисалар... Воқеалар асосан жонли, ишонарли, таъсирли, яъни муаллифнинг тасвир, ифода услуби ҳам ўзига хос, тили содда, шу боис жумлалар равон. Асарнинг энг асосий ютуғи жамиятдаги маънавий муҳитни бузаётган, одамлар юрагида анча илдиз отган худбинлик, олчоқлик, порахўрлик, маиший-ахлоқий бузуқлик каби иллатларининг рўй-рост ва дадил очиб ташланишидир.
Асарда ижобий қаҳрамонлар, яъни соф, ҳалол инсонлар образлари ҳам бор ва уларнинг яшаш тарзлари, иш фаолиятлари ибратли тарзда кўрсатилади, шу билан бирга асар охирида чин инсоний эътиқод нуқтаи назаридан хулосалар чиқарилади.