Бухоро – Марказий Осиёнинг Балх, Ҳирот, Марв (Мари), Самарқанд, Термиз, Насаф (Қарши), Чоч-Шош (Тошкент) ва Хоразм (Хива) каби қадимий шаҳарлари орасида муносиб ўринга эга. Кўп асрлар давомида Бухоро Мовароуннаҳрнинг йирик савдо-ҳунармандчилик ва маъмурий маркази ролини сақлаб келган. Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларини Ҳиндистон, Хитой билан боғлаган савдо йўлининг асосий шохобчаси ушбу шаҳардан ўтган эди. Қадимда Бухоро неча бор босқинчилар талафотига дучор бўлди, аммо шаҳар харобалари қайта-қайта тикланиб, Турони замининг маданий-маърифий марказига айланди. Шаҳар кўп асрлар давомида Бухорхудотлар (V-VII аа.), Сомонийлар (IX-X аа.), Шайбонийлар (XVI а.), Аштархонийлар (XII-XVIII аа.), Бухоро амирлиги (XVII-XIX асрлар боши) давлатларининг пойтахти бўлиб келди.