Мусулмон Шарқи хусусан, Ўрта Осиё эпиграфикаси серқирра ва ўзига хос анъаналарга бойдир. У доимо илоҳий матнлардаги ҳикматлар, фалсафий фикрлар, мавъизавий нақлларнинг теран маъноларини ихчам шаклларда ифодалаш имконини берган. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, меъморчиликда “эпиграфика” (юнонча — битик)нинг қўлланилиши тегишли ҳудуд ёки миллатнинг диний эътиқоди ва қарашларидан келиб чиқиб амалга оширилган. Юртимиздаги меъморий обидаларнинг ажралмас қисми бўлмиш мана шундай битиклар нафис кўриниши ва маъно мазмунга эгалиги билан биноларнинг кўркига кўрк қўшибгина қолмай халқимизнингнинг маънавий қарашларини юксалтиришга бевосита хизмат қилган.