Сўзларнинг кўчма маъноларда келиш ҳолатлари тилда кўп кузатилади. Яъни, бир предметнинг номи бошқа бир предметга ўхшашлик асосида кўчиши (метафора) ва янги маъно ҳосил қилишдир. Бу холат асосан тана аъзолари (оёк, тил, кўз, бош, бурун ва ҳоказо) да кўпроқ кузатилади. Дастлабки асосий маъноси жонлиларнинг органи бўлсада, асосий маънодан келиб чиққан кўчма маъноларнинг луғатда берилишини ҳам кўришимиз мумкин. Биз қулоқ деганимизда биринчи навбатда инсон ёки ҳайвоннинг органи онгимизда намоён бўлади, лекин «челакнинг қулоғи» ёки «уши колокола» дейилганда, «қулоқ» орган эмас, балки ўхшашлик асосида пайдо
бўлган бирор предметнинг қайсидир, унга ўхшаш қисмини тасаввур қиламиз: «челакнинг дастаси», «қўнғироқнинг ип ўтказиладиган ёки осиб қўядиган қулоққа ўхшаш тешикли қисми». Албатта юқоридаги тушунчалар «қулоқ» лексемаси билан ифодалансада, улар орган бўла олмайди, лекин шакл ўхшашлиги жиҳатидан улар тана аъзосига боғликлиги кўринади.