Афтидан, бу Алишер Навоийнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ воқеаларни акс эттирувчи ғазаллардан бири. Чунки унда яқин кишисидан ажралиб, шодлиги ғамга мубаддал бўлган, қаттиқ қайғу чеккан одамнинг ҳасрат-ўкинчлари, бевафо ва бебақо дунё, унинг нотанти ишларидан норози қалбнинг нидоси ифодаланган. Классик шоирлар ўз андуҳлари, шахсий кечинмаларини ҳам анъанавий образларда, умумий тарзда баён қилишни маъқул кўрганлар, лекин, шундай бўлишига қарамай, ушбу шеърда анъанавий ифода-истиоралар замирида самимий инсоний дард, мотамзада юракнинг фиғон-ҳасрати, нохуш кайфиятини ҳис этамиз. Бироқ, ғазал гарчи андуҳли оҳангда бошланиб, унда навоиёна ўртаниш — ёнишлар ғулғуласи авж пардада кўкда ўрлаган бўлса-да, асар мақтаъига келиб умумий умидворлик, илоҳий ишққа дахлдорлик туйғуси қалбга сингади.
Шоир ғазални жудолик дардидан бетоқат дилнинг ғалаёнини тасвирлаш билан бошлайди:
Соқиё, талх ўлди айшим ҳажр бедоди била,
Тут ачиғ майким, ичай Мирзо Чучук ёди била.