Сўнгги даврлардаги дунё илм-фани маълумотига кўра қадимги давр одамларининг изи археологик қазилма (изланиш)лар натижасида топилди. Чунончи, илк одамлар изи Жанубий Африкадан Австралопитек (4-5 миллион йил аввал яшаган одам қолдиғи), айниқса, Шарқий Африкадаги Зинж водийсидаги Олдувай дарасида Америка олимларининг олиб борган археологик изланишлари муҳим ўрин эгаллайди. Бу ҳудуддан топилган археологик топилманинг геалогик қатлами тахминан 1,5-2 миллион йилга тенг деб қаралди ва фанда Зинжантроп ёки тахминан мил авв. 3-2 миллион йил олдин яшаган Олдувай одами деб номланди. Шу каби Индонезиянинг Ява оролидан топилган Питеккантроп деб номланган одам авлоди олдувойдан кейин пайдо бўлган бўлиб, мил. 1 миллион йил илгари яшаган. Хитой ҳудудидан Синантроп ва Фарғона водийсидаги Селунғур манзилидан Фергантроп, Германиядан Неандертал ва Франциядаги Кроманён ғоридан топилган ҳозирги қиёфадаги одам-Кроманён одами излари (қолдиқлари) топилган. Синантропга замондош бўлган одам излари Марказий Осиёнинг бир қанча ҳудудларидан аниқланган.