Кишилик жамияти пайдо бўлганидан буён давлат, жамият ва шахслар ўртасидаги ўзаро иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий муносабатларни тартибга солиб турувчи ҳуқуқий меъёрий тизимларни ишлаб чиқганлар. Уларни қонуний жиҳатдан тартибга солиб борганлар. Бу жараён турли даврларда турли хил кўринишда ва шаклда намоён бўлган. Ислом дини пайдо бўлганидан бошлаб кишилар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шариат қонун-қоидаларига асосланган назарий жиҳатлари ишлаб чиқилди. Зеро, ислом динининг ғоявий илдизларида инсон омили, шахс муаммоси, комил инсон тарбияси, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, тенглиги, озодлиги, ҳурлиги каби масалалар устувор туради. Чунки инсоният тарихида ҳар доим инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва озодлиги бирламчи муаммо бўлиб келган. Ислом динининг йирик алломалари, фақиҳлар, муҳаддис—олимлар ҳам инсон ҳуқуқлари, унинг руҳий, ахлоқий, маънавий ва жисмоний поклигига алоҳида аҳамият берганлар.