Мавзунинг долзарблиги. “Мустақиллик ва суверенитет жаҳон ҳамжамиятига кириб боришимизга, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишимизга имкон яратади” . Халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳозирги кунда турли давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган кенг алоқаларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон турли мамлакатлар қатори, араб дунёси давлатлари билан ҳам халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, дипломатик ва шартномавий амалиётни тобора кенгайтириб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек “Ўзбекистон... мусулмон давлатлари билан ўзаро муносабатларни шу жумладан, кўп томонлама асосда чуқурлаштиришга интилмоқда. Бу йўлда ҳам ҳозирдаёқ муайян силжишлар бор” .
Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистон 20 араб давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. 7 араб давлатларининг дипломатик ваколатхоналари Тошкентда ва Ўзбекистоннинг 4 дипломатик ваколатхоналари эса араб давлатларида фаолият кўрсатмоқда.