Ушбу маърузалар матни “Телекоммуникация узатиш тизимлари” йўналиши бўйича таълим олувчи олий ўқув юртлари талабаларига мўлжаллаб, дастурга мос ҳолда ёзилган. Ушбу маърузалар матнини ёзишда муаллиф “Электр алоқа назарияси”, ”Телекоммуникация узатиш тизимлари ва тармоқларининг тузилиш асослари”, “Электр занжирлари назарияси” каби курслар билан танишиб чиқилганлигини назарда тутган. Шунинг билан биргаликда аналог узатиш тизимларининг тузилиши бўйича саволлар барча адабиётларда кенг тарқалганлигини ва жуда аниқ қилиб берилганлиги ҳам ҳисобга олган ҳолда асосий диққат эътибор замонавий рақамли телекоммуникация тизимларига қаратилган. Маърузалар матнида телекоммуникация соҳаси бўйича асосий таъриф ва тушинчалар, каналлари частота бўйича ажратилган телекоммуникация узатиш тизимларининг тузилиш принциплари, канал ва трактларда ҳосил бўлувчи шовқинлар ва уларни созлаш, магистрал, минтақавий ва маҳаллий тармоқларда қўлланиладиган узатиш тизимлари, каналлари вақт бўйича ажратилган телекоммуникация узатиш тизимларининг тузилиши, сигналларни регенерациялаш, рақамли узатиш тизимларида синхронизация, ИКМли рақамли узатиш тизимларининг иерархияси, рақамли оқимларни бирлаштириш ва ажратиш саволларини ўз ичига олган. Шунингдек, SDH тизимлари асосидаги телекоммуникация тармоқларининг тузилиши, сигналларни шаклланиши, SDHнинг базавий элементлари ва топологиялари, синхронизация ва тармоқни бошқариш масалалари, WDM ва DWDM технологиялари асосида тармоқни ташкил қилиш, абонент линияларининг ўтказувчанлик қобилиятини оширишда қўлланиладиган xDSL технологиялари ҳақида қисқа маълумотлар берилган.