Ушбу монографияни яратишда ўзининг самимий маслаҳатларини берган устозимиз Б. Саримсоқовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ўзбек фольклорининг жанрлар таркиби ғоят ранг-баранг ва қадимий бўлиб, асрлар давомида халқимиз қалбидаги эзгу ғояларга қанот бахш этиб келган. Аждодларимизнинг умидбахш орзуларини ўзида мужассам этган фольклор намуналаридан бири афсун-дуолар ҳисобланади. Сўзнинг сеҳру-жоду кучига эгалиги билан боғлиқ қадимий тасаввурлар асосида юзага келган афсун дуолари мазмунан теранлиги, тарихий асослари жуда олис замонларга бориб тақалиши, ўзига хос ҳаётий-маиший вазифалари ва ижро ўрнига эга. Фольклоршунос томонидан мисқоллаб тўпланган халқ оғзаки ижоди монография афсун-дуоларнинг жанр хусусиятлари, мавзу йўналиши ва бадииятига бағишланган.
Монография фольклоршунос ва этнограф олимлар, аспирант, докторант ва тадқиқотчилар, шунингдек, филология факультети талабалари, магистрлари ҳамда халқ ижодиёти билан қизиқувчи китобхонларга мўлжалланган.