Миллий давлатчилигимиз тарихида тўрт йил, гарчи қисқа умр кўрган бўлсада Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР, 1920-1924 йиллар) ҳукуматининг фаолияти ҳам муҳим босқичга эга. Республиканинг навқирон ҳукумати амирлик давридан мерос бўлиб қолган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий қолоқликни тугатиш учун қатъий кураш майдонига киргани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ ёш мамлакат ҳудуди бўйлаб мутассил давом этган ҳарбий ҳаракатлар, «босмачилик» (истиқлолчилик) ҳаракати кабилар тинч ва осуда хўжалик ҳаётини йўлга қўйиш, асрий қолоқликни тугатиш имконини бермади. Аксинча, очарчилик ва моддий қийинчиликлар гирдобида қолган Республика 3,5 миллионли аҳолисининг катта қисми (баъзи манбаларда 5 миллион деб қайд қилинади), эпидемия тусига кирган касалликларга чалинди. Бухоро шаҳридаги экологик муҳит, қуруқ, чанг-тўзонли ўта иссиқ, гармселли об-ҳаво ва ичимлик суви муаммоси ришта (тери ости қуртлаши); моллария (ваража, «Бухор варажаси») чечак, бўғма, вабо, заҳм, таносил каби касалликларни кенг тарқалишига сабаб бўлди. Бухоро Республикасидаги асосий матбуот органлари ҳисобланган «Бухоро ахбори» ва «Озод Бухоро» газеталарининг 1921-1924 йиллардаги ўнлаб сонлари билан танишар эканмиз юқорида қайд қилинган касалликлар тарқалиши билан боғлиқ кишини ларзага солувчи маълумотлардан воқиф бўламиз.