Маълумки ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари бўлади. Хусусан, бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бозор иқтисодиёти эркин иқтисодиёт бўлиб, ҳар бир субъектга иқтисодий фаолият билан шуғулланиш хуқуқини беради. Айниқса давлатимиз томонидан ўрта синф вакиллари-мулкдорлар, тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг қўллаб-қувватланиши, мамлакатда иқтисодиётни мадернизациялаш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади. Қабул қилинган қарорлар ва уларнинг амалдаги тадбиғи бу соҳа ривожланишини рағбатлантирувчи қатор омиллар яратди. Жумладан, 2008 йилда ягона солиқ тўловининг 10 % дан 8 % га, 2009 йилдан эса 7 % га туширилиши, четки таъсирларни камайтириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларда текширишлар сонини камида яна 30% га камайтирилиши, маиший ва бошқа хизмат кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловидан уч йил муддатга озод этилиши каби қилинган қатор ишлар тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесни изчил ривожлантириш учун кучли рағбатлантирувчи омиллар бўлиб ҳисобланади.