Ушбу йўналиш тармоқлари замонамизда элас-элас кўзга ташланади. Бу йўналишларнинг аниқ тасаввур этиш учун республикамизнинг чўл қисми бўйлаб сочилган сардобалар ва муҳим шаҳарлар шаҳристонлар, работлар географиясини тиклаш кифоядир. Чунки сардобалар Буюк Ипак йўлини сув билан таъминловчи, чўл минтақасидаги асосий сувлоқлар эди. Буюк ипак йўли чўл минтақасида қуйидаги йўналишлар бўйлаб ривожланган.
Мирзачўл йўналиши. Мирзачўл бўйлаб уюштириладиган турларни тўрт йўналишда ташкил этиш мумкин. Л.Ф.Костенко, А.Татаринов, М.Н.Галкин, М.Е.Массон, Я.Ғ.Ғуломов, Н.Б.Немцова, С.Аширов берган маълумотларга кўра биринчи йўналиш Жиззах-Тошкент шаҳарлари бўйлаб ўтади. Бу чизиқда Жиззах-Ўрда, Ёғочли, Мурза Работ, Жикка сардоба каби иншоотлар бўлган. Бизнинг давримизда фақат Ёғочли сардобасининг сақланганлигини кўрамиз.
Иккинчи йўналиш Жиззах-Хавос-Хўжанд-Пискент-Тошкент каби муҳим аҳоли пунктлари бирлаштирувчи чизиқ, Шоҳруҳия, Мурза Работ (биринчи йўналишдаги сардоба эмас). Жон булоқ сардобалари бўйлаб ўтади. Давримизда ҳар уччаласи ҳам сақланмаган.
Учинчи йўналиш Тошкент-Қўқон йўналиши бўйлаб ўтади. Бу чизиқда ягона Қайнарбулоқ сардобаси мавжуд бўлганлиги тўғрисида маълумот бор ва у Ўзбекистон архитектура ёдгорликларини сақлаш қўмитасининг маълумотига кўра давримизда ҳам мавжуд.
Тўртинчи йўналиш ўрта асрларда серқатнов бўлган Нурота-Калтепа-Суткент (Чордара шаҳри) орқали Қозоғистон кенгликларига чиқиб кетади. Аммо у М.Е.Массон (1935) тузган харитага тушмаган. Чунки мўғуллар босқинидан сўнг бу йўл устидаги Ўтрор, Суткент, Калтепа, Нурота каби йирик маданият марказлари танназзулга юз тутди ва қатнов сийраклашиб, тобора унутила бошланади. Рашидидин ва Жувайний (ХIII аср) берган
маълумотларга кўра у “Хон йўли” номи билан машҳур ва маълумот бўлган. Йўл устидаги карвонсарой ва қалъалар кўп минг сонли карвонларни ҳам бир йўла қабул қилиш имкониятига эга, йўловчилар ёзининг жазирама офтоби ва қишнинг қахратон қировли кунларида Калтепа, Қора тепа, Қумқудуқ, Навойли, Дунё тепа, Отақўрғон, Хонкелди, Султон тепа, Оқтепа каби карвансарой ва қалъалардан ўзларига доимо қулай бошпана топиб, ҳордиқ чиқариш имкониятларига эга бўлардилар. Шу боисдан ҳам ХI-ХII асрларда ушбу манзилгоҳлар “Хон йўли”нинг энг гуллаб яшнаган гузарларидан бири бўлган.