Ўзбекистоннинг миллий мустақилликка эришиши – замонамизнинг энг муҳим воқеасидир. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек: “Бугунги ҳаётимизнинг кечаги кунимиздан асосий фарқини топмоқчи бўлсак, бу аввало одамларнинг тафаккури ўзгариб, аниқроғи, юксалиб бораётгани билан белгиланади”. Айнан жамият тафаккуридаги жиддий ўзгаришлар, миллий маънавий-руҳий қиёфани миллий ғоя асосида шакллантириш эҳтиёжини замон талабига айлантирмоқда.
Маънавий-руҳий қиёфани ўрганиш, бизга, тарихимизнинг кейинги даврида халқимиз руҳияти ва дунёқарашида пайдо бўлган лоқайдлик, боқимандалик, маъсулиятсизлик, миллатпарварлик ва ватанпарварлик туйғуларидан узоқлашиш кайфиятлари, ташаббускорлик ва тадбиркорликнинг сустлиги каби салбий ҳислатларнинг вужудга келганлик сабабларини очишимиз, жонкуярлик, ташаббускорлик, ватанпарварлик ва бошқа шу каби фазилатларни ривожлантиришнинг йўлларини топиш имконини беради ва бу ислоҳотларни янада жонланиши учун замин тайёрлайди.