Ўзбекистон Республикаси ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини дастлаб бошлаган даврда иқтисодиётимизда мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи давлат ихтиёрида мужассам эди. Бундай шароитда аҳоли кенг қатламларида мулкка бўлган эгалик ҳиссасининг йўқлиги туфайли боқимандалик ва лоқайдлик кайфиятлари ҳукм сурган. Бу ҳолат мамлакатимизда аҳолида мулкка бўлган эгалик ҳиссасини тарбиялаш, боқимандалик кайфиятларига чек қўйиш, ташаббусни ва ихтирочиликни рағбатлантириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида рақобат муҳитини яратиш йўли билан ҳам нархи бўйича, ҳам сифати бўйича рақобатбардош бўлган маҳсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқарилишини таъминлаш, тармоқлараро рақобат муҳитини яратиш ва пировард натижада аҳоли турмуш фаровонлигини оширишни тақазо этди. Президент И.А.Каримов таъкидлаб ўтганидек, “Иқтисодиётни эркинлаштириш ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш билан узвий боғлиқдир. Рақобат бўлмаса, бозор иқтисодиётини барпо этиб бўлмайди. Рақобат – бозорнинг асосий шарти, айтиш мумкинки, унинг қонунидир” .