Ерёнғоқ бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки Осиё мамлакатларида одатий экинга айланди. Бугунги кунда дастурхонларимизни безаш билан бирга, ундан конфет, шоколад, ҳолва, пирожний тайёрлашда, ҳатто салатлар тайёрлашда ҳам фойдаланилмоқда.
Кейинги йилларда Республикамизда кунжут, ерёнғоқ, кунгабоқар, соя ва махсар каби мойли ўсимликларни етиштиришга катта эътибор қаратилмокда. Чунки булардан кондитер маҳсулотлари тайёрлашда, медицина ва саноатда кенг фойдаланилади.
Масалан, ерёнғоқ меваси таркибида 42 фоиздан 60 фоизгача ёғ мавжуд бўлиб, ундан консервалар ва сардина ёғлари тайёрлашда фойдаланилади. Ерёнғоқнинг кунжараси ҳам қимматбаҳо бўлиб, унинг таркибида 44,5 фоизгача оқсил бор, шу боис ҳолва, какао, шоколад ва бошқа шу каби кондитер маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланилади. Пояси ва барглари эса чорвачиликда тўйимли озуқадир.