Кичик тадбиркорлик сектори турли мамлакатлар иқтисодиётида ниҳоятда муҳим вазифани бажармоқда. Биринчидан, ушбу сектор бозор шароитида зарур тезкорликни таъминлайди, ишлаб чиқаришдаги чуқур ихтисослашув ва тармоқлашган кооперацияни яратади, буларсиз, юксак самарадорликни тасаввур қилиб бўлмайди. Иккинчидан, у истеъмолчилик соҳасида вужудга келадиган «туйнукни» тезда тўлдиришга қодир бўлибгина қолмай, энг замонавий машина - ускуналар ва технологиядан фойдаланиб, сарфланган сармоянинг ўрнини жуда тез қоплай олади. Учинчидан, майда бизнес бозор учун зарур бўлган рақобатчилик муҳитини, тез пайдо бўлиб, йўқолиб етадиган турли хил шаклларни яратиб беради, у бир зумда ўзгариб турадиган бозор талабига жавоб беришга тайёр бўлиш қобилиятига эга. Тўртинчидан, афтидан бу энг муҳими бўлса керак, - у шундай тадбиркорлик муҳити ва руҳини яратадики, энг аввало ишлаб чиқарувчиларнинг шахсий манфаатдорлиги ва ташаббуси асосига кўрилган бирорта ҳам бозор иқтисодиёти буларсиз кун кўра олмайди.
Шундай қилиб, кичик ва хусусий тадбиркорлик ва у билан боғлиқ бўлган барча нарсалар замонавий ижтимоий ишлаб чиқариш ташкилий тузилмасининг муҳим ва таркибий унсурини ташкил этади. Буни ривожланган капиталистик мамлакатларда аллақачон тушуниб етишган. Шунинг учун ҳам иқтисодиётда кичик бизнесга муҳим ўрин ажратилиб, давлат томонидан жиддий мадад кўрсатилмоқда.