Э.Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасида ўтмишдаги аллома ва
мутафаккирларимиз, буюк саркарда бобокалонларимизнинг босиб ўтган
шарафли йўллари, жаҳон цвилизациясига қўшган ҳиссалари ҳақида ёш
авлоднинг фахр туйғулари кўтаринки пафосда тасвирланади. Бироқ, асарда
тасвирланган Чингизхон, Боту, қайсари Рум, Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ал
Фаробий, Мирзо Улуғбек каби алломалар, Фирдавсий, Пушкин, Байрон,
Нодира, Фурқат, Муқимийларнинг ким эканлигини, қадимий Афросиёб шаҳри,
қадимги Ўрхун ёзуви ҳақидаги маълумотларни тасаввур этишда 6-синф
ўқувчиларида базавий имкониятлар етарлича эмас. Шунинг учун қасидани
таҳлил қилиш, мазмунни ўзлаштириш, қасиданинг лирик қаҳрамони
ҳиссиётларини англаб етиш жараёнида ўқувчиларда қийинчиликлар юзага
келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ўқувчиларда дарсдан зерикиш, мавзудан
чалғиш ҳолатларини келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек қасида аруз
вазнида ёзилганлиги сабабли, уни ифодали ўқиш услубияти ҳам ўзига хос
бўлиб, ўқитувчидан 6-синф ўқувчиси билан уни маромига етказиб ўқиш устида
жиддий ишлашни талаб этади.
Шунинг учун ўқитувчилар бундай мавзуларни ўтишда дарсларга
атрофлича тайёргарлик кўришлари, дарс жараёнида барча имкониятлардан
унумли ва ўринли фойдаланишлари лозим. Дарсларни АКТ, замонавий
педагогик технологиялар, аудио ва видеофильмлар, фотолавҳалар ва бошқа
кўрсатмали қуроллардан ўринли фойдаланиш асосида ташкил этишлари
самарадорлик гарови бўла олади.