Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурияти. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш узлуксиз жараёнларини бошқаришда кенг қўлланилувчи ток ўзгартириш қурилмаларининг юқори аниқлиги, ягона шаклга келтирилганлиги, меъёрланган ахборот билан таъминлашлари ва ишончли ишлашлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, электр энергия ва қувватларни хатолик билан назорат ва бошқарув катта миқдордаги иқтисодий зарарга олиб келади. Электр энергия ва қувват манбаларини самарали, бир неча катталик ва параметрлар асосида комбинацияланган бошқарув энергия ва ресурс тежамкорлигини таъминлашнинг комплекс ёндашувини ишлаб чиқиш, электр қурилмаларнинг вазифага оид имкониятларини кенгайтириш, бошқарув элементи ва қурилмаларини тузилишини ягона шаклга келтириш асосида соддалаштириш, оғирлик-ўлчам кўрсаткичларини камайтириш, тежамкор қурилмаларни ва технологияларини ишлаб чиқиш, контактсиз ўлчаш жараёнларини таъминлаш, юқори аниқликни таъминловчи ток ўзгартгичларни қўллаш асосида электр катталикларни бошқариш энерготизимнинг назарий ва амалий муаммолари сифатида тўлалигича ечилмай қолмоқда. Назорат, ахборот-ўлчов ва бошқарувнинг асосий бўғини бўлиб бирламчи ток ўзгартиргичлари ҳисобланади ва улар амалда энерготизимнинг техник ва иқтисодий кўрсаткичларини белгилайди.