Битирув малакавий иши учун ўтказилган изланишларнинг мақсади ўтлоқи бўз тупроқлар шароитида фосфорли ўғитни органик ўғит билан бирга қўллашнинг гўзани ўсиши, ривожланиши ва пахта ҳосилига таъсирини ўрганиш ҳамда илмий хулоса, ерларга ўғитдан фойдаланиш бўйича тавсиялар тайёрлашдир. Ўзбекистонда ер усти тузилиши яъни рельефи, ўсимликлар дунёси, иқлими ва бошқаларга кўра турли тупроқлар тарқалган. Бу эса ўша жойнинг тупроқ – иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда экинлар етиштиришни, демакки уларда ўғитлар турлари, учун йиллик меъёри ва фойдаланиш усулларини ўрганиш ҳамда такомиллаштиришни тақазо этади. Шу нуқтаи назардан қаралса фосфорли ўғит меъёрини ўрганиш долзарб ҳисобланади.