1992 йилнинг 8 декабр куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – мустақил давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг 22 йиллик мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг энг самарали механизмини жорий этилиши, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби ютуқлар Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунларнинг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди. Президентимиз эътироф этганидек, «Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир». Унинг барча моддалари дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни билан суғорилган.