Бошланғич синфни битириб, таълимнинг кейинги босқичида (5-синф) ўқишни давом эттирадиган ўқувчилар мослашиш даврини ўтказадилар. Ўқувчилар асосий дарсларни битта синф хонасида ўқиган бўлсалар, эндиликда фан хоналарида давом эттирадилар. Ҳар бир ўқув фанини алоҳида ўқитувчи ўқитади ва ҳ.к. Шунга кўра мослашиш қисқа муддатда ва осон кечиши учун уларда таянч компетенциялар шаклланган бўлиши керак. Ўқувчиларда таянч компетенциялардан коммуникатив компетенция, ахборот билан ишлаш, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш, математик саводхонлик компетенцияларининг шаклланганлик даражасини 4-синф ўқувчиларида тест ўтказиш орқали текшириш мумкин. Тест ўтказиш учун 60 минут вақт ажратилади. Бунда 30 минутдан сўнг 5 минут танаффус берилиб яна 30 минут давомида синов давом эттирилади. Ўқувчилар берилган топшириқларнинг жавобларини вараққа ёзадилар.