. Шарқ тасаввуф адабиёти, энг аввало, руҳ ва руҳоният адабиёти. Чунки руҳ яратиқларнинг энг софи ва энг порлоғи. У фақат хайр, фақат гўзаллик учун ҳаракат қилади. Англаниши қийин, ҳатто имконсиз кўринган нарсаларни ҳам руҳ англашга қодир. Ғайб дунёсига руҳ йўл очади, ҳақиқат аҳлининг кашфи руҳ биландир. Мутасаввифлардан бири: “Руҳ, Жаноби Ҳақнинг “Бўл!” амри жалили билан пайдо бўлгани йўқ. Агар шундай бўлганда эди, унда зиллат (пастлик, тубанлик) аломатлари бўларди”, — дебди. Шунда унга: “Бундай бўлса, руҳ қаердан ва кандай яралган”, — дея савол берилганда у: “Жаноби Ҳақнинг жалоли ва жамоли орасидан зуҳур этмишдир. Шу учун ҳам руҳ “Бўл!” амри ила майдонга келган ашёдаги зиллат ва ноқисликлардан фориғдир”, — деган экан.