Маълумки, лексик бирликларнинг нутқий воқеланишида морфологик, синтактик ва услубий омиллар ҳамкорлик қилиши тегишли тадқиқотларда айтиб ўтилган. Б.Менглиев таъкидлаганидек, ушбу нутқий қўлланилишда ҳамкор сатҳларнинг ҳиссасини учбурчак бурчакларининг мазкур фигурадаги ҳиссасига қиёслаш мумкин. Бунда бурчаклардан бирининг кенгайиши қолган бурчакларнинг торайишига олиб келади. Шунингдек, лексик бирлик нутқда воқеланар экан, агар у полисемантик бўлса, унинг семемаларини, агар бир семемали бўлса, оралиқ маъноларини фарқлаш ва нуткда олиб чиқишда гоҳ синтактик омил кучайиб, бунда бошқа – морфологик ва услубий омиллар сусаяди. Бироқ уларнинг барчаси бир бутунлик сифатида лексик бирликнинг нутқий воқеаланишини юзага чиқаради.