Инсон онадан туғилиб, оламга келган чоғидаёқ табиат эҳсонидан бахраманд бўлади. Илк бор ҳаводан тўйиб нафас олади. Одамзод ўсиб-униши учун озиқ-овқат, сув, қуёш ҳарорати жуда зарур бўлиб у буларнинг ҳаммасини табиатдан олади. Инсонни она тарбияласа, табиат ўстиради. Шунинг учун уни “Она табиат” деб аталади. Одамзоднинг соғлом бўлиши учун уни ўраб олган атроф-муҳит ва табиатни асрашимиз лозим. Табиат мусаффо бўлса, одамзод ҳам соғлом бўлади ва бақувват ўсади. Ҳаво инсон танаси учун энг муҳим ва зарур табиат инъомидир. Ҳавога мунтазам равишда аралашиб турадиган ифлос чанг, ўпкада газ алмашинувига салбий таъсир кўрсатади. Бу одамзоднинг соғлигини бора-бора издан чиқариб турли-туман хасталикларни вужудга келтиради.