"Инсоннинг ўзини қуршаган дунёга бўлган муносабатларидан бири билишдир. Инсон ўз ҳаёти давомида фақат ташқи дунёни, яъни табиат ва жамиятнигина билиб қолмасдан, балки ўзини, ўзининг руҳий-маънавий дунёсини ҳам билиб боради.
Инсоннинг дунёни билишини фалсафа ҳам, бошқа ҳамма аниқ фанлар ҳам ўрганади. Бунда аниқ фанлар дунёнинг турли аниқ томонларини, уларнинг қонуниятларини ва хусусиятларини ўрганади ва очиб беради.
Фалсафа эса, аниқ фанлардан фарқли равишда, инсон билишининг табиати ва моҳиятини нима ташкил қилади? Унинг энг муҳим қонуниятлари ва хусусиятлари нималардан иборат? деган саволларга жавоб қидириб ва жавоб бериб келди. Шу сабабли, фалсафада инсон билишининг фалсафий муаммолари билан шуғулланмаган бирорта ҳам фалсафий оқим, бирорта ҳам файласуф йўқ. Аксинча, ҳамма фалсафий оқимлар ва фалсафий йўналишлар бу соҳага оид ўз қарашларининг маълум тизимини ишлаб чиққанлар. Натижада, фалсафада инсон билишининг табиати ва моҳияти ҳақида турли хил таълимотлар, турли хил қарашлар ва назариялар келиб чиқди. Биз уларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.
"