Мавзунинг долзарблиги. Жадал суръатлар билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, хусусан, дунёнинг айрим минтақаларида тобора кучайиб илдиз отиб бораётган маънавий инқироз хавфи халқимиз маънавиятини асраш баробарида уни юксалтириш, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилишни талаб қилмоқда. Қолаверса, жаҳонннинг қайсидир бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши қандайдир таҳдиднинг пайдо бўлиши ўзининг бугунги куни ва эртанги истиқболини ўйлаб яшаётган ҳар бир онгли инсон, ҳар бир халқни ташвишга солади. Албатта, бундай маънавий таҳдид ва мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уриши, улардан айниқса, фарзандларимиз кўпроқ азият чекиши мумкинлиги ёшларда мафкуравий иммунитет ва ғоявий курашчанлик руҳини янада кучайтириш лозимлигини тақозо этмоқда.