Ҳарбий қисм ва бўлинмалар таркибидаги кичик жамоалардаги ижтимоий-психологик муҳитни белгилаб берувчи омиллардан бири, бу ўзаро муносабатларга ўзига хос бир шаклда таъсир кўрсатувчи обрў (обрў-эътибор ёки нуфуз) ҳодисаси ҳисобланади. Рус тилидаги «авторитет» тушунчаси ҳам лотинчадан ўтган бўлиб, «ҳокимият» ёки «таъсир ўтказиш» деган маъноларни англатади. Кенг маънода эса авторитет, яъни обрў ҳамма (кўпчилик) томонидан тан олинган расмий (норасмий) шахс ёки жамоа дегани. Тилимиздаги «обрў» тушунчаси ҳам айнан шундай мазмунни англатади. Обрў - ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида (илмий, диний, сиёсий, ижтимоий, ҳарбий соҳаларда, шунингдек, жамоада ва оилада) бирон шахснинг билими, тажрибаси, ташкилотчилиги, маънавий-ахлоқий фазилати туфайли орттирган, кўпчилик томонидан эътироф этилган таъсири, нуфузи. Турли даврларда олимлар ва давлат арбоблари ўзларининг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий таълимотларида обру масаласига жиддий эътибор қаратишган. Шарқ Арастуси номини олган Форобий «Фозил кишилар шаҳри» асарида юрт раҳномалари учун зарур бўлган бир қатор фазилатларни санаб кўрсатар экан, бунда етакчиларнинг халқ ичида обрўга эга бўлишларига алоҳида урғу беради.