XIX аср ўрталарида яқин ва ўрта Шарқ мамлакатларида ҳайкалтарошликда жонланиш бошланди. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳайкалтарошлик асарлари яратила бошлади, унинг думалоқ ва бўртма тасвир релеф турида асарлар пайдо бўлди. Фавворалар ишга тушди, безак ҳайкалтарошлик асарлари билан дам олиш ва хордиқ чиқариш масканлари, хиёбонларни безатиш одати кенгайди. Шу даврда ишланган қурбақа, кийик, ит, шер ва бошқа ҳайкаллар бир қанча (Тошкент, Бухоро каби) жойларни безаб турибди. Бухородаги Ситораи Моҳи Хосадаги мармардан ишланган шер ҳайкаллари, ислимий, гириҳ нақшлар, чиройли ёзувлар билан ўйиб жило берилган сув новлари диққатга сазовор. Тош ва мармар ўймакорлиги намуналари Хива меъморий ёдгорликларида кўп учрайди (жумладан, релефли тош ва мармар поюстунлар).