Бой маданий – адабий меросимизни ўрганиш, англаш ва унга ворислик қилиш маънавиятимизнинг ўзак масалаларидан. Маънавий қадриятларни тиклаш миллий ўзликни англашнинг ўсишидан, халқнинг маънавий сарчашмаларига, унинг илдизларига қайтишдан иборат узвий табиий жараён. Ўзбек халқи кўп асрлик тарихи ва бой маданияти билан жаҳон адабиёти хазинасига ўз улушини қўшиб келган. Шунингдек, XIX асрнинг II ярми XX аср бошларидаги тарихий давр ва адабий ҳаёт ана шундай ғоят улкан улушдир. Негаки, бу давр тарихига назар ташласак, жаҳон цивилизацияси бешиги саналган кўҳна Туркистон осмонини қора булутлар қоплаган йиллар бўлган. Бу йилларда, яъни мустамлакачилик сиёсатини ўрнатган чор Россияси ҳукмронлиги даврида Туркистонда истибдодга, халқни эзишга асосланган сиёсат ҳукм сурди, она-диёрда тил, маданият, урф-одатлар, миллий қадриятлар поймол этилди.