Ўзбекистон инсоният цивилизацияси бешикларидан бири сифатида жаҳон халқлари моддий ва маънавий хазинасига беқиёс ҳисса қўшган юртдир. Айниқса, аждодлар мероси абадиятга дахлдор маънавий хазинадир. Ўрта асрларда фалсафа, математика, астрономия, минералогия, геодезия металлшунослик, тарих, хуллас табиий аниқ, ва гуманитар фанлардан бирдек илмга эга бўлган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғонийларнинг муборак номлари тарих саҳифаларига абадул-абад муҳрланган. Уларнинг буюк даҳоси бугунги юксак технологиялар асри учун зарур бўлган кашфиётларни тақдим этаётганлиги эса исбот талаб қилмайди.