Барча мусулмон аҳли сунна уламолари, уларнинг қайси мазҳабга мансуб бўлишларидан қатъи назар, инсондан содир бўлган ҳар қандай ишга, у айтган ҳар бир сўзга, улар ибодат бўладими, муомала бўладими, жиноят бўладими, жазо бўладими, оилага тааллуқли масала бўладими, барибир Ислом шариатида уларга яраша ҳукм борлигига иттифоқ қилганлар. Ана шу ҳукмларнинг баъзиларини Қуръони Карим оятлари ҳамда Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифлари баён қилиб берган. Аммо айримлари баён қилинмаган бўлиб, шариат уларга ҳукм чиқариш учун аломатлар, белгилар ва ишоралар кўрсатган, мужтаҳид уламолар ўшалар ёрдамида, шариатнинг умумий таълимоти доирасидан чиқмаган ҳолда, уларнинг ҳукмини баён қилиб беришлари мумкин.