Вертолётларнинг бугунги кундаги такомиллашувига кўп йиллик жанговар ҳаракатлардаги тажрибалар асос бўлди.
1951 йилдан бошлаб маҳаллий урушларда вертолётлардан фойдалана бошланди. Корея, Вьетнам, Миср, Лаос, Тунис, Конго, Уммон, Форс кўрфазида бўлиб ўтган урушлардаги авиациянинг қўлланилиш тажрибаларининг таҳлили муҳим топшириқларни бажариш жараёнида вертолётларнинг аҳамиятини ошиб борганлигидан далолат беради.
Илк бор америкаликлар Кореядаги жанговар ҳаракатларда вертолётдан ҳаво десантларини туширишда фойдаланишган. Кейинчалик вертолётлар жанг майдонини кузатишда ва душманнинг ердаги нишонларини яксон қилишда, қуруқликдаги қуролли кучлар ҳужуми манфаати учун ҳаракатда, алоқани таъминлашда, бундан ташқари, вертолётлар уриб туширилган экипажларни қутқаришда, ярадорларни кўчиришда, юк ва шахсий таркибни ташишда ҳамда бошқа махсус топшириқларни бажаришда қўлланилган.