БХСР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев Бухорода Германия элчихонаси очишга кўп уринган ва у: «немислар зўр халқ, Германия кучли мамлакат, улар ҳар қандай вақтда ҳам ўз сўзини айта оладилар, бизда уларнинг элчихонаси очилса ва алоқаларимиз йўлга қўйилса, Россия ўз таъсирини ҳадеб тиқиштираверишининг олди олиниши мумкин» -деган фикрларни билдирган. Файзулла Хўжаев Германия иқтисодий имкониятларини сарҳисоб қилиб чиққан эди. Йўқса, 1922 йилнинг ноябрда Берлиндан туриб Бухорога: «Оврўпа бозорларидан қувилиб, мустамлакалардан маҳрум қолғон олмон сармоясидан фойдаланиб... муштарак саноат ва тижорат ширкатлари ташкил этмоқ, шубҳа йўқ, зарар қилмасди» -деб ёзмас эди.