Тилшунослик фани тараққиётининг бугунги давригача, афсуски, ҳатто “интенсивлик” тушунчасининг ўзи ҳам тадқиқотчилар томонидан турлича изоҳланган. Мазкур тушунча Ш.Балли, А.В.Кунин, А.Абдуллаев каби тилшунослар ишларида “кучайтириш” маъносида қўлланилган бўлса, Д. Болинджер, Б.Чарлстон сингари тилшунослар эса “экспрессивлик”, “эмоционаллик”, “аффективлик”ни айнан бир хил маъно ифодаловчи терминлар сифатида тушунишиб, “интенсивлик” ва “интенсификация” атамаларидан фойдаланишмайди. Кўриниб турибдики, “интенсивлик” тушунчаси ҳозирги даврда ҳам мунозарали масалалардан ҳисобланади.