Мумтоз адабиётни тасаввуфсиз, тасаввуфни мумтоз адабиётсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, тасаввуфнинг Шарқда кенг тарқалишида адабиёт элчи вазифасини ўтаган. Тасаввуфий тимсоллар ўзига хос мажозий ишоралар, ўхшатишлар, рамзлар, услуб ва усулларда акс эттирилиб, пок илоҳий ишқ ҳақидаги, Ҳақ ва ҳақиқат, эзгу инсоний фазилатлар, комиллик сари интилиш каби тасаввуфий ғоялар шеърият ғояларига айланган. Азалдан инсон фитратида гўзалликка, эзгуликка, яхшиликка, маърифатга, нафосатга ташналик бўлган, инсон гўзаллиги Аллоҳ жамолининг жилваси, инсон руҳининг гўзалликка, эзгуликка ташналиги замирида илоҳий гўзалликка ташналик мужассам бўлган.