Ҳозирги давр – дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган давр. Шундай экан, уларнинг ўзига хос манфаатларини ифодалайдиган мафкуравий таъсир усуллари бўлиши шубҳасиз. Жаҳон сиёсий харитасида кўплаб давлатлар мавжуд бўлиб, уларда турли сиёсий кучлар, партиялар, дин ва диний оқимлар, мазҳаблар, гуруҳ ва қатламлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзаро фарқланадиган, баъзан бир-бирига зид бўлган манфаатларга эга. Айнан мана шу манфаатлар ўзга халқлар, турли минтақалар, давлатларнинг аҳолиси ёки ижтимоий гуруҳлар онгига, турмуш тарзига таъсир ўтказиш, уларни бўйсундириш учун йўналтирилган мақсадларни шакллантиради. Бундан кўзланган асосий мақсад эса муайян жойдаги кишиларга иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва диний қарашларни сингдириш орқали ўз манфаатларини таъминлашга интилишдир.