Ғарб мамлакатларининг имкониятлари-ю, иқтисодий қудрати билангина эмас, балки бой маънавий ва маданий мероси билан ҳам Европа ҳамда бутун жаҳонда юксак обрўга эга эканлиги аён. Шу боис ҳамкорлигимиз тўғрисида гап кетадиган бўлса нафақат савдо-иқтисодий алоқалар, балки маданий ва санъат, маориф ва фан соҳаларидаги ўзаро алмашинувни ҳам назарда тутамиз. Бугун бундай алмашинувга муҳим аҳамият бераётганимиз эса халқларимиз ўз тарихида мавжуд маданий ўзаро алмашинув анъаналарини қайта тиклаётганлигини кўрсатади. Ўзбекистоннинг ғарб мамлакатлари билан, ҳусусан Германия билан ҳамкорлигида биз нафақат Европа ва Осиё халқларининг кўп асрлик тарихий ўзаро маънавий бойиш анъаналарини келгусида давом эттириш учун муҳим асосларни, балки турли минтақаларни қамраб олган ва ягона жаҳон тармоғига бирлаштираётган интеграцион жараёнларнинг замонавий йўналишларига туртки бериш имкониятини ҳам кўрамиз. Биз учун Германия тажрибаси яна шу билан аҳамиятлики, универсал демократик қадриятларни қабул қилган немис тилли мамлакатлар халқлари ўзларининг азалий маънавий қадриятлари, ўзига хос бетакрор хусусиятлари, маданий бойликлари ва маънавий анъаналарини эҳтиёткорона сақлай билди ва камол топтира олди.