Дунё миқёсида асосий эътибор арзон, синтез жараёни содда, экологик жиҳатдан хавфсиз, фойдаланишда қулай бўлган ионитларни олишга қаратилмоқда. Уларни
металлургия, кимё саноатининг турли технологик жараёнларида, жумладан оқова ва ер усти сувларини оғир металл ионларидан тозалашда, нодир ва ноёб металларни мураккаб эритмалар, технологик аралашмалардан ажратишда қўллаш назарий ҳамда амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. Ионитлар, яъни ионалмашинувчи полимерлар синтези, оралиқ металларни эритмалардан комплекс ҳосил қилувчи ионитлар билан сорбцион усуллар ёрдамида ажратиш, сорбция жараёнида ҳосил бўлган координацион бирикмаларнинг таркиби, тузилиши, физик-кимёвий хоссаларини ўрганиш кимё саноатининг энг муҳим ва асосий вазифаларидан биридир.