Инсоннинг билиш жараёни мураккаб тузилишга эга бўлиб, ҳақиқатга эришиш йўлида баъзида ёлғон ва янглишиш ҳолатларига дуч келади.
Қадимги юнонларда “Инсонни камчиликлари ва янглишгани учун суд қилмайдилар”, деган нақл бўлган. Негаки, камчилик, бу – табиий ҳол, янглишиш эса барча одамлар ҳаётида учраши мумкин. Уларнинг ёлғон ва бўҳтондан фарқи ҳам шунда. Ёлғон ҳам, бўҳтон ва туҳмат ҳам атайин амалга оширилган алдашдир, уларда бирон-бир мақсад кўзланиб, далиллар сохталаштирилади ёки атайлаб бузиб талқин этилади.