Дунёга келган ҳар бир бола ҳақиқий инсон бўлиб етишиши учун жуда кўп нарсаларни билиши керак. У ўзига керакли билимни кўриб, эшитиб ва ўқиб ўрганади. Эшитиб ва ўқиб ўрганиш тил воситасида амалга ошади ва унинг имконияти чексиздир. Агар тил бўлмай, ҳар бир кишининг тириклиги унинг ўз тажрибасига асосланган бўлса эди, инсон шу кунгача ҳайвон қандай яшаса, шундай яшаган ва бугунги моддий, маънавий тараққиётга эришмаган бўларди. Тилнинг бирлиги, маърифий аҳамияти шундан иборатки, тил туфайли жамият аъзоларининг ҳар бирида ҳосил бўлган билим оммалашиб, унинг кўпчилик томонидан ривожлантирилишига имкон туғилади.