Дунёнинг қатор мамлакатларида XII–XIII асрларда Испаниянинг Толедо, Сарагосса, Сеговия, Наварра, Севилья ва Барселона шаҳарларида йўлга қўйилган таржима фаолиятининг тарихига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Санаб ўтилган марказлар орасида Толедодаги таржима мактабининг фан тарихида тутган ўрни ниҳоятда муҳим бўлганлиги сабаб, мазкур мактабга алоқадор масалаларни тадқиқ этиш юзасидан устувор йўналишларда илмий изланишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, мактабнинг ташкил топиши, таркиби, у ердаги таржима ишлари, илмий фаолият, таржимон ҳамда олимларнинг ҳаёти ва ижоди каби масалалар ҳануз яхлит тарзда, тўлалигича ўрганилмай қолмоқда.